Agrobank.uz

Фермер хўжаликларига яратилган имтиёз ва қулайликлар

17.04.2018
Фермер хўжаликларига яратилган имтиёз ва қулайликлар

“Агробанк” АТБ Матбуот хизмати, Тошкент шаҳри, Муқимий кўчаси 43-уй
Тел: 202-80-08 ички рақам – 11073, 11074;
Электрон почта: agrobank-matbuot@umail.uz,
телеграм: https://t.me/AgrobankChannel,
facebook: https://www.facebook.com/agrobankuzbekistan  

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” ғояси асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган брифинг ва матбуот анжуманлари режасига мувофиқ, “Агробанк” АТБ томонидан “Қишлоқ хўжалигида пахта хомашёси ва бошоқли дон ҳосили етиштиришни молиялаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда банк Бош офисининг раҳбар ва ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Анжуманда таъкидланганидек, давлатимиз томонидан Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида фермер хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини янада такомиллаштириш, шунга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва ушбу ҳуқуқий ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар  пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун кенг имкониятлар ва енгилликлар яратиб берди. Яъни фермер хўжаликларининг 2018 йил 1 январь ҳолатига таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги қарздорликлари 3 йил муддатга музлатилди. Пеня ва жарималар кечилди.

Тадбирда қайд этилдики, аввало, фермер хўжаликларида пахта хомашёси ва бошоқли дон ҳосили етиштиришни молиялаштириш тизими янада соддалаштирилди. Яъни, аввал кредит фоиз ставкаси  ғалла етиштириш бўйича 5 фоиз бўлган бўлса, эндиликда 3 фоизга туширилди. Бунда пахта хом ашёси етиштириш бўйича кредит муддати 14 ой ва бошоқли дон учун эса 12 ой этиб белгиланди.

Қарорларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Агробанк” АТБ томонидан ҳам пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, яъни уларга имтиёзли кредит маблағларини мақсадли йўналтириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси  таъминланмоқда.

Хусусан, Молия Вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан “Агробанк” томонидан фермер хўжаликларида пахта хом ашёси ва бошоқли дон ҳосили етиштиришга, яъни уруғликка, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, минерал ўғитлар ҳамда нефть маҳсулотлари сотиб олиш, механизация хизматларига ва бошқа агротехник тадбирларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Қарорларда қайд этилганидек, фермер хўжалиги раҳбари ссуда ҳисоб-рақамларидаги маблағларни мустақил тассаруф этиши ҳам муҳим янгиликлардан бири бўлди. Яъни фермер хўжаликлари нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга  оширгач, маҳсулотлар етказиб берилади.

Шу билан бирга, вегетация даврида эҳтиёжидан келиб чиқиб, фермер буюртмадаги барча харажат турларини 15 фоизгача ўзгартириш ҳуқуқига ҳам  эга бўлди. Бундан буён очилган ссуда рақамларидан тўлов ва инкасса талабномалари асосида тўлов амалга оширилишига йўл қўйилмайди. Жорий йил ҳосили учун олинган имтиёзли банк кредитини қоплаш эса топширилган пахта хом ашёси ва бошоқли дон учун тайёрлов корхоналари томонидан ажратиладиган якуний ҳисоб-китоб маблағларидан амалга оширилади.

Юқоридаги ҳужжатларга мувофиқ, пахта ва ғалла етиштиришда деҳқон ва фермерларнинг ҳам масъулияти янада оширилди. Яъни фермер хўжалиги раҳбари контрактация шартномасида белгиланган ҳосилни етиштириш бўйича жавобгар шахс этиб белгиланди.

Вегетация даврида туман ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳи томонидан фермер хўжалиги даласидаги экиннинг ҳолати бўйича доимий мониторинг ўтказиб борилади. Мониторинг натижасига кўра, экин экилмаган, униб чиқмаган ёки экин ҳолати қониқарсизлиги аниқланганда, ушбу ҳолат далолатнома билан расмийлаштирилади. Яъни далолатномага асосан тижорат банки филиали томонидан фермер хўжалигига имтиёзли кредит ажратиш тўхтатилади ва ажратилган имтиёзли кредитлар қонунчиликда белгиланган тартибда муддатидан олдин ундириш чоралари кўрилади.

Қарорлар билан пахта ва ғаллани суғоришда фойдаланилаётган электр насослари бўйича электр энергияси харажатлари давлат бюджети субсидиялари ҳисобидан қопланиши ҳам белгиланди. Бу эса етиштирилаётган маҳсулот таннархи арзонлашишига, пировардида, фермер хўжалигининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Агробанк томонидан аграр соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиршга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг шу кунига қадар банк томонидан чорвачиликка 6,8 миллиард сўм,  паррандачиликка 1,7 миллиард сўм, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантиришга 1,5 миллиард сўм, иссиқхона ташкил этишга 8 миллиард сўм, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга 33 миллиард сўмдан зиёд, картошка уруғлиги хариди учун 50 миллиард сўм, хориж тажрибаси асосида янги техгнологияларни жорий қилган ҳолда аччиқ қалампир етиштиришни ташкил этиш учун 48 миллиард сўм, жами 150 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи корхоналарга ва фермер хўжаликларини моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қарийб 1 триллион 109 миллиард сўм кредитлар йўналтирилди.

Тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори банкларнинг хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек, аҳоли ва мижозлар учун интерфаол, инновацион ва қулай хизмат турларини янада кенгайтиришда муҳим дастурилмал бўлаётгани хусусида ҳам сўз борди.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар доирасида “Агробанк”АТБ томонидан аҳоли ва мижозлар учун қулай хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди ва айни пайтда босқичма-босқич тарзда тезкор ва ишончли хизмат турлари жорий этиб келинаётир.

Жумладан, жорий йилнинг 2 апрелидан бошлаб банк филиалларида хорижий VISA картадаги маблағларни нақд шаклда олиш имонияти яратилган бўлса, “Agrobankmobile” иловаси орқали эса миллий валютани хорижий валютага конвертация қилиш йўлга қўйилгани муҳим янгиликлардан бири бўлди.

Шунингдек, аҳоли ва мижозларга қулай ва сифатли хизматларни кўрсатишни кенгайтириш мақсадида банкнинг республика бўйича қўшимча 36 та янги мини-банки очилди. Ҳозирги кунда банк тизимида 200 дан зиёд ана шундай мини-банклар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу мини-банкларда кредитларни расмийлаштириш, халқаро пул ўтказмалари, валюта айирбошлаш, коммунал тўловларни қабул қилиш, пластик карталар билан амалиётлар каби ўнлаб банк хизмат турлари йўлга қўйилган.

Энг муҳим янгиликлардан яна бири – тез кунда пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари “Agrobank Mobile-business” иловаси орқали онлайн тарзда масофадан туриб зарур тўловларни амалга оширишлари учун имконият яратилади.

“Агробанк” аҳоли ва мижозларга қулайлик яратиш мақсадида яна кўплаб инновацион ва тезкор банк хизматларини амалиётга татбиқ этишда давом этади.

Если увидели ошибку выделите данный текст и нажмите CRTL+ENTER
Hamma yangiliklar