Agrobank.uz

Коррупция – жамият кушандаси

09.06.2018
Коррупция – жамият кушандаси

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради. Бугунги кунда мамлакатимизда бу иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётир.  

“Агробанк” АТБ томонидан  “Коррупция – жамият кушандаси” мавзусига бағишлаб  ўтказилган давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз юритилди. 

Тадбирда Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова, “Ўзингни англа” психологик хизмат кўрсатиш маркази директори ўринбосари Гозель Утекова,  Тошкент вилояти Тошкент тумани “Айри-ота” жоме масжиди имом-хатиби Дониёр Икромов ҳамда банкнинг раҳбар ва ходимлари иштирок этди.

Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур қонун қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, жамиятимизнинг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга оширишда муҳим дастурилмал бўлиб хизмат қилмоқда. 

– Қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган, – дейди Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова.

– Коррупцияга қарши курашиш яна шуниси билан муҳимки, мазкур жараёнларда ишчи-ходимлар, ёшлар ҳалол ишлаш, ишонч ва ваколатга муносиб хизмат билан жавоб қайтариш зарур, деган тушунчага таяниб фаолият юритишни ўрганади. Ҳар қандай вазиятда мард одам, барибир, ҳалол бўлади, деган эътиқодда собит туради.

Тадбир сўнгида банкнинг ҳар бир ходими хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришда коррупцияни олдини олишда бефарқ бўлмаслиги ҳамда одоб-ахлоқ ва хулқ-атвор қоидаларига доимо эътибор бериш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

 

Матбуот хизмати

 

 

Если увидели ошибку выделите данный текст и нажмите CRTL+ENTER
Hamma yangiliklar